Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Амаллар Парвардигорга етказиладиган ойд

 
 

Қодир Аллоҳ ўз бандаларига ибодат ва савобларини кўпайтиришлари ва Ўзига яқинлик ҳосил қилишлари учун маълум фаслларни ато этган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойида ибодатларини кўпайтирар эдилар. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгинасининг рўзасини тутмас эдилар. Балки, ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади”. Тўртовлари ривоят қилган.

Aллоҳ у кишининг ўтган ва келгуси гуноҳларини мағфират қилгани боис Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ойда Аллоҳ таолога тоату ибодат ва саждани астойдил бажарганлар ва саҳобалар ҳам, Aллоҳ улардан рози бўлсин - тоат ва сажда қилишда ўзаро рақобатлашар эдилар. Шу боис ҳар бир мўмин-мусулмон ибодат фаслларидан унумли фойдаланиши лозим. Хусусан, шаъбон ойида ҳам.

Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг саккизинчиси бўлиб, у рамазондан битта олдинги ой ҳисобланади. Жоҳилият даврида Ражаб ойига берилган катта эътибор, рамазон ойига эса мусулмонларнинг қизиқиши юқори бўлгани боис Аллоҳ таоло шаъбон ойининг бошқа ойлардан кўра фазли ва ўрни бўлакча эканлигини баён қилди. Чунки, ражаб уруш ҳаром қилинган муқаддас ойлардан бири, рамазон эса рўзаси фарз қилинган, унда Қуръони карим нозил бўлган ва энг улуғ тунни ўз ичига олган ойдир. Шаъбон эса уруш ҳаром қилинган ойлардан эмас ва рамазон каби кўп фазилатларга эга ҳам эмас. Шу нарса, одамларни мазкур ойга нисбатан эътиборсизроқ бўлишга ундаб қўйиши мумкин. Аммо, бу хато бўлиб, шаъбоннинг ҳам ўзига яраша фазилатлари бисёрдир. Улардан бири ҳам бўлса, унда барча бандаларнинг амаллари Аллоҳга арз қилинишидир.

Усома бин Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима учун шаъбон ойида кўп рўза тутишлари ҳаққида сўраганида, у киши: “Бу ой одамлар Ражаб ва Рамазон ўртасида аҳамият бермайдиган бир ойдир. Бу ойда барча амаллар олам Роббисига-Парвардигорга етказиладиган ойдир. Мен амалларимнинг рўза тутаётган ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, дедилар.

Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани "Бароат кечаси" дейилади. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъ (Мадинаи мунавварадаги машҳур қабристон)да бошларини осмонга кўтариб турган эканлар:

“Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?”, дедилар.

“Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим.
“Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (араб қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади”, дедилар. Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.

Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толалари қанча бўлишини санашнинг ўзи қийин. Араб қабилалари ичида энг кўп қўйли қабиланинг қўйлари жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилиб кўравериш керак. Бунинг ҳаммаси ўша кеча жуда ҳам фазилатли эканига далолат қилади.

Демак, шаъбон ойи кириб келиши билан ибодат, дуо, савобли амалларимизни кўпайтириб, мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолишга интилайлик. Дарвоқе, шаъбон ойи кириб келганига ҳам икки кун бўлди, ғафлатда қолманг, азизалар...!

ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов


Киритилган вақти: 26/03/2020 14:38;   Кўрилганлиги: 110
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/amallar-parvardigorga-etkaziladigan-oyd
Чоп этилган вақт: 02/04/2020 04:44
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг